Зулфиябегимга. Ғафур Ғулом

Умрларча давом этсин Ватан уфқида парвозинг,
Замон акси садосидек жаранглаб турсин овозинг.
Асрларнинг нидоси янграган ҳар парда — сатрингким,
Ҳаётий шашмақомлардир юрак зарбига тенг созинг.
Увайсий, Нодира, Зебуннисо, Меҳри, Махастийлар
Тузатган анжуманнинг машъалидир фикри мумтозинг.
Ҳамиша сен қалам олганда халқлар толеин кўзлаб,
Узун тонглар мусаффо ақлу идрок бўлди ҳамрозинг.
Қанотланган умид, иқбол эрур ҳар шеърким ёздинг,
Сурайё юлдузидан ҳам баландроқ учди шаҳбозинг.
Кўнгилларнинг жилосидир рубоби мавзун ижодинг,
Ажиб нозик табиат, заршуносдир зеҳни пардозинг.
Муаззам Шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда,
Бу бизнингдир, сенинг ахлоқу иффатга тўлиқ нозинг.
Ғафур Ғулом,
Ўзбекистон халқ шоири