Нурмонова Зебо Аликовна

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси
1989 йил 21 январда Хоразм вилояти Янгибозор туманида туғилган.
2005 йили адабиёт йўналишида Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.
Тортишиш қонуни
Оламнинг тортишиш қонунин,
Биламан асли ким кашф этган.
Сайёралар қўлга-қўл бериб,
Меҳрини қуёшга бахш этган.
Кўзгуга ўйланиб боқсам гар
Онам дер: “Отангга тортгансан”.
Севинчим ортса-да фахрдан
Лекин мен Ватанга тортганман.
Сўзимнинг исботи кўзимда
Акс этар юртимнинг жамоли.
Бўйимдай бўй чўзиб бормоқда
Халқимнинг иқболи, камоли.
Бу – юрак тортишиш қонуни,
Ватанга юракдан боғланмоқ.
Томирлар томирга туташиб,
Бахтни хис қилишга чоғланмоқ.
Кўзгуга ўйланиб боқсам гар
Онам дер: “Отангга тортгансан”.
Севинчим ортса-да фахрдан
Лекин мен Ватанга тортганман.
2014 йил
Ўзига илтижо
Дардинг ортганда, Худо деб, бўзлагил,
Ҳар не истарсен, Худодин излагил…
Мавлоно Жалолиддин Румий.
Бунда бор ёлғизлик, соғинч, изтироб,
Бу ғашлик боримни айлади беҳол.
Кўнглимга дунёлар сиғмай кетади,
Ўзинг бир Нур бергин, Нур бер безавол…
Дунё ёлғон бўлса, бахт армон бўлса,
Мени ёлғонларга қўйма бир нафас.
Мен кимга яқинман ўзингдан бўлак,
Ўзинг бир Ишқ бергин, Ишқ бер муқаддас…
Ўрганган бу кўнглим ўртаниб қўймас,
Ўша шўр тупроқнинг “ҳово” син излаб.
Такрор қайтавергум меҳр уйимга,
Онамни мен учун Ўзинг қўй асраб…
Бахтинг кулсин дерлар, тахтлар тиларлар,
Аммо ҳеч бирига исимас кўнгил.
Отамнинг дуоси асрайди мени,
Ўзинг шу отамга саодат бергил…
Бўйим тенги тилло, зарлар сочдилар,
Асло ерда қолмас бир оғиз сўзим.
Эҳ, бу илтифотлар… бари ўткинчи,
Ҳалол ризқ-насиба ато эт Ўзинг…
2011 йил
***
Оллоҳ берган умрнинг
Қаерида турибман
Мен ўзимни топишга
Вақт тополмай юрибман
Омад дедим, бахт дедим
Пешонадан кўрибман
Манзиллар бекатининг
Қаерида турибман
Ҳаёт бол берса тотиб
Севинтирди тўқчилик
Онам, сиздан йироқда
Тўйинтирди йўқчилик
Онам берган муҳаббат
Яради ҳар онимга
Менчи кўз ёшдан ортиқ
Беролмадим Онамга
Кимлар баъзан бир четда
Ҳавас билан боқдилар
Яна кимлар “Мен” сабаб
Ёндирдилар, ёқдилар
Дебман: зийнатим–исмим
Шайдо қилибди мани
Билсам, Отам заҳмати
Зебо қилибди мани
Бола эдим кўзимда
Фақат орзу ёнарди
Даволади мени вақт
Орзуларим қонади
Ҳар не қилсам охири
Таянчим тавба бўлди
Ҳар нега борсам охир
Борорим Каъба бўлди
Дебман: зийнатим–исмим
Шайдо қилибди мани
Билсам Отам заҳмати
Зебо қилибди мани…
2012 йил
Шеър соғинчи
Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Онамни ҳеч қувонтирмадим.
Илҳомни кўп соғинганимга,
Юрагимни ишонтирмадим.
Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Нигоҳимда уйғонмади тонг.
Кўзбойлағич ўйнади шайтон,
Уйғотгичлар ураверди бонг.
Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Меҳрни тош еган эдими.
Айтолмадим Отамга бир бор,
Саждагоҳим эканлигини.
Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Мени минг бор синади ҳаёт.
Муҳаббатни ҳис этди юрак,
Вужудимга югурди нажот.
Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Қаро кўзлар мени қутқазди.
Яна кўпроқ севинг, Азизим,
Сизни Менга Худо етқазди…
2010 йил
Онам
Қаҳратон қиш. Поезд юради,
Пардалари оппоқ хонамнинг.
Ва кўчага боқдим энтикиб…
Кўзлари ёш эди Онамнинг.
Такрорланар бу ҳол ва лекин
Хайрлашув оғир, аламли.
Поезд олиб кетади узоооқ…
Кўзлари ёш эди Онамнинг.
Меҳр кўзда деганлари рост,
Қудрати ҳам чексиз каломнинг,
Бироқ ҳеч бир сўз ҳам демасдан,
Кўзлари ёш эди Онамнинг.
Қаҳратон қиш. Поезд шовқини
Яширади кўзда жоламни.
Мен бир куни қайтаман, аммо
Йиғлатмаслик учун Онамни.
2010 йил