Зебо Нурмонова

Тортишиш қонуни

Оламнинг тортишиш қонунин,
Биламан асли ким кашф этган.
Сайёралар қўлга-қўл бериб,
Меҳрини қуёшга бахш этган.

Кўзгуга ўйланиб боқсам гар
Онам дер: “Отангга тортгансан”.
Севинчим ортса-да фахрдан
Лекин мен Ватанга тортганман.

Сўзимнинг исботи кўзимда
Акс этар юртимнинг жамоли.
Бўйимдай бўй чўзиб бормоқда
Халқимнинг иқболи, камоли.

Бу – юрак тортишиш қонуни,
Ватанга юракдан боғланмоқ.
Томирлар томирга туташиб,
Бахтни хис қилишга чоғланмоқ.

Кўзгуга ўйланиб боқсам гар
Онам дер: “Отангга тортгансан”.
Севинчим ортса-да фахрдан
Лекин мен Ватанга тортганман.

2014 йил

Ўзига илтижо

Дардинг ортганда, Худо деб, бўзлагил,
Ҳар не истарсен, Худодин излагил…
Мавлоно Жалолиддин Румий.

Бунда бор ёлғизлик, соғинч, изтироб,
Бу ғашлик боримни айлади беҳол.
Кўнглимга дунёлар сиғмай кетади,
Ўзинг бир Нур бергин, Нур бер безавол…

Дунё ёлғон бўлса, бахт армон бўлса,
Мени ёлғонларга қўйма бир нафас.
Мен кимга яқинман ўзингдан бўлак,
Ўзинг бир Ишқ бергин, Ишқ бер муқаддас…

Ўрганган бу кўнглим ўртаниб қўймас,
Ўша шўр тупроқнинг “ҳово” син излаб.
Такрор қайтавергум меҳр уйимга,
Онамни мен учун Ўзинг қўй асраб…

Бахтинг кулсин дерлар, тахтлар тиларлар,
Аммо ҳеч бирига исимас кўнгил.
Отамнинг дуоси асрайди мени,
Ўзинг шу отамга саодат бергил…

Бўйим тенги тилло, зарлар сочдилар,
Асло ерда қолмас бир оғиз сўзим.
Эҳ, бу илтифотлар… бари ўткинчи,
Ҳалол ризқ-насиба ато эт Ўзинг…

2011 йил

Оллоҳ берган умрнинг
Қаерида турибман
Мен ўзимни топишга
Вақт тополмай юрибман
Омад дедим, бахт дедим
Пешонадан кўрибман
Манзиллар бекатининг
Қаерида турибман
Ҳаёт бол берса тотиб
Севинтирди тўқчилик
Онам, сиздан йироқда
Тўйинтирди йўқчилик
Онам берган муҳаббат
Яради ҳар онимга
Менчи кўз ёшдан ортиқ
Беролмадим Онамга
Кимлар баъзан бир четда
Ҳавас билан боқдилар
Яна кимлар “Мен” сабаб
Ёндирдилар, ёқдилар
Дебман: зийнатим–исмим
Шайдо қилибди мани
Билсам, Отам заҳмати
Зебо қилибди мани
Бола эдим кўзимда
Фақат орзу ёнарди
Даволади мени вақт
Орзуларим қонади
Ҳар не қилсам охири
Таянчим тавба бўлди
Ҳар нега борсам охир
Борорим Каъба бўлди
Дебман: зийнатим–исмим
Шайдо қилибди мани
Билсам Отам заҳмати
Зебо қилибди мани…

2012 йил

Шеър соғинчи
Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Онамни ҳеч қувонтирмадим.
Илҳомни кўп соғинганимга,
Юрагимни ишонтирмадим.

Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Нигоҳимда уйғонмади тонг.
Кўзбойлағич ўйнади шайтон,
Уйғотгичлар ураверди бонг.

Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Меҳрни тош еган эдими.
Айтолмадим Отамга бир бор,
Саждагоҳим эканлигини.

Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Мени минг бор синади ҳаёт.
Муҳаббатни ҳис этди юрак,
Вужудимга югурди нажот.

Шеър ёзмадим етти ой бўлди,
Қаро кўзлар мени қутқазди.
Яна кўпроқ севинг, Азизим,
Сизни Менга Худо етқазди…

2010 йил

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.