Елкаларига Семурғ қўнган шоир. Ойдин Ҳожиева

Зулфияхоним эътиқоди собит, иродаси мустаҳкам Инсон эди. 1991 йилда Ёзувчилар уюшмаси иккига бўлиниб кетди. Бир қанча адиблар ҳар хил ҳаракатларга, ташкилотларга бир-бир кириб чиқишди. Зулфияхоним ҳеч қайси гуруҳга рўйхуш бермади. У ғийбатни, бировнинг нуқсини айтиб гапиришни ёмон кўрарди. Ҳар қандай вазиятда ҳам сипо, олийжаноб, вазмин тутарди ўзини. Кўнгли гўдакникидай нозик, тез яраланар, бировга билдирмас, кек сақламас эди. Ҳеч қачон хохолаб қаттиқ кулмас, нимтабассум билан жилмайиб қўярди.

1990 йил 19 май. Ҳамид Олимжонга пойтахтда ҳайкал ўрнатилди. Майдонча чиройли, баҳаво, безанган. Ҳайкалда шоир ёш, илҳом оғушида, олдинга талпинган ҳолатда. Елкаларига учта семурғ қуши қўнган. Ниҳоятда нафис ҳайкал. Сарвар Азимов, Одил Ёқубов, Расул Ғуломовлар тасмани қирқишди. Менга ҳам сўз беришди, шоирнинг гўзал шеърларидан ўқидим. Таниқли шоирлар, ёзувчилар самимий дил изҳорларини баён қилдилар.

Кундузи Зулфия опани кўргани «Чимкент» кўчасидаги уйларига бордим. Ёлғиз эканлар. Анча суҳбатлашдик. Опа юбилей тантаналаридан хурсанд эдилар. Иброҳим Ғафуровнинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»да чиққан Ҳ. Олимжон ҳақидаги «Мунис ҳол ва шарпа» мақоласи жуда маъқул келибди. Зулфия опа бир таниқли кекса олимдан хафа бўлиб гапирдилар: «Ҳайкалнинг елкасига қуш қўнгани нимаси? Қўллари ҳам эгри» дебди у киши.

— Бу — семурғ қуши. Бу қуш ҳамманинг ҳам елкасига қўнавермайди. Кўпларни четлаб ўтади. Қўли ҳам худди Ҳамид Олимжонники. Унинг қўли тўғри бўлган. Эгри бўлмаган! Қўйинг! Шундай кунда ҳам мақолаларингиздаги каби кир изламанг, — дебдилар Зулфия опа.

Яна, у кишини хафа қилиб қўйдим, деб хижолат чекдилар кўнгли пок устозим.

Ҳозир бу майдон Ҳамид Олимжон номи билан аталади. Шаҳарнинг энг кўркам, гавжум масканига айланган.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.