«Дружба народов» журнали мухбири Александр Наумов билан суҳбат.

Ҳаёт ва сўз
— Сизнинг халқаро «Нилуфар» мукофоти лауреати бўлганингиз умумадабиёт ҳаётида катта воқеадир. Менинг фикримча, бу — ўзингизнинг ижодий фаолиятингизда ҳам муҳим ҳодиса бўлди. Маълумки, «Нилуфар» мукофоти «озодлик ва миллий мустақиллик йўлида, империализм ва мустамлакачиликка қарши курашни акс эттирувчи энг яхши асарлар учун» берилади. Сизга бу мукофотни аниқ бирон китобингиз учун беришдими ё умуман адабий-ижтимоий фаолиятингиз учунми?
- Менимча, адабиётдаги ҳамма ишим инобатга олинган бўлса керак.
- Фақат адабиётдаги ишингизми?
- Сирасини айтганда, бу масала анча мураккаброқ. Биринчидан, ўз хизматларимни ўзим таҳлил этиб ўтиришим одобдан эмас, кейин бунақада барака топиб ҳам бўлмайди. Иккинчидан, бунга лўндагина жавоб бериб қўя қолишга, рост гап, қийналаман. Африка- Осиё адабиётларининг умумий антиимпериалистик курашида, уларнинг фаолиятини бир- бирига мувофиқлаштириб турган ёзувчилар ташкилотларининг ишида кўп йиллардан бери қатнашиб келяпман, албатта. Мен ташкилий ишларнинг ўзида ҳам иштирок этдим, публицист сифатида мақолалар ҳам ёздим, қолаверса, ёзувчиларнинг кўпдан-кўп анжуманларида шундоқ минбарга чиқиб ҳам гапирдим… Лекин шундай бўлса-да (шеърият — менинг учун энг муҳим иш бўлганлигидан), асосан ижтимоий фаолиятим — шеърларимнинг гражданлик садосидан иборат бўлса керак, деб ўйлайман.
— Яъни, шоирнинг иши — унинг сўзи, демоқчисиз, шундайми?
— Ҳа. Лекин мен фақат буни назарда тутаётганим йўқ. Биласизми, империализмга ва миллий асоратга ҳарши кураш биринчи галда антиимпериалистик кучларнинг бир ёқадан бош чиқарувини тақозо этади, шу боисдан бизнинг фаолиятимиз Осиё-Африка халқлари ва адабиётларининг ҳамжиҳатлигига, уларнинг чинакам ва юксак даражада бирдамлигига эришишга қаратилган. «Халқлар дўстлиги» деган сўзларни шу қадар тез- тез ва осонгина тилга оладилар-у, лекин бу сўзлар замирида ҳақиқатан қандай маъно ётганлигини ҳамма вақт ҳам равшан тасаввур этмайдилар. Бизнинг бир улкан шоиримиз бир куни: «Халқлар дўстлиги нима? Бу — одамларнинг бир-бирига дўст бўлиши- да!» деган эди. Митингдами, юзма-юз туриб суҳбатлашишдами, жамоат ҳузуридаги мушонрадами, индамасдан бирон ёққа биргалашиб сафарга кетишдами (бунда бир хилдаги нарсаларни кўриш ва қадрлашга ўрганасан киши)—одамларнинг бир-бири билан жонли мулоқотда бўлишида жуда кўп гап бор… Бошқача қилиб айтганда, менинг учун кейинчалик шеър иши ниш уриб чиқадиган куртак қай йўсинда бинога келиб, ғунча ёзса, ҳамжиҳатлик, умумий ва шахсий дўстликнинг асоси ҳам худди шу тахлитда, яъни жонли ҳаёт, табиат, инсон қўли қилган ишлар ва яҳин мулоқотда бўлиш натижасида бунёд бўлади. Менинг учун кундалик муҳаррирлик ишим билан жамоатчилик ишим, сафарларим, учрашувларим шоирлигим билан ёндош ҳолда яшаб, давом этади. Сирасини айтганда, биз ишлар эканмиз, одам бизга бахш этган неъматларнинг бир қисминигина шу орқали унга қайтариб берамиз, биз учун шу бурчимизни адо этишнинг энг яхши усули эса — шеър ёзишдир.
— Бу гапингиз бир шеърни эсимга солди, қайси шеърлигини ўзингиз ҳам, эҳтимол, пайқаб тургандирсиз: «Мушоира». Мен бшеърингизни яхши биламан, таржимаси ҳам яхши, фикримча, бу асарда, дарвоқе, шеърдан ҳам кўра, кўпроқ ихчамроқ достонга ўхшайди, фаолиятингизнинг ижтимоий, публицистик, сиёсий жиҳати шоирлик жиҳати билан омухта бўлиб кетганини ўзингиз ҳам биласиз.
— Эҳтимол, шундайдир. «Мушоира» Ҳиндистон сафари вақтида ёзилган. Биз у ерда турист бўлиб эмас, балки, ҳиндистонлик қа- ламкаш ҳамкасбларимиз билан ижодий алоқалар ўрнатиш учун борган эдик.,. «Мушоира», албатта, мушоира тўғрисида ёзилган. лекин Ҳиндистондаги бу шеърий мубоҳаса шарқ адабиётидаги мушоирадан тамом бошқа. У мушоиралар маълум мавзуда, тор даврдаги улфатлар орасида ўгади, Ҳиндистонда эса, бу—аксар, жуда катта жамоат олдидаги ўзига хос шеърий мусобақа. Жамики тўпланган одамлар бу мусобақага ҳакамлик қиладилар, улар ҳеч кимни юз-хотир қилиб ўтиришмайди. Шеърнинг ёққан-ёқмаганини тортинмай билдиришаверади. Яхши асарни неча галдан қайта ўқишга мажбур қилишади, одамлар мисраларни, бандларни, бошдан-оёқ шеърнинг ўзини дарров ёдлаб олишади-да, гал сайин тобора шавққа тўлиб, уни муаллиф билан бирга такрорлашади… Бу, одамга ажойиб таъсир қилади! Шеър юракларга жиз этиб тегяптими-йўқми, дарҳол кўриб турасан, борди-ю, тегаётган бўлса, у кўз ўнгингизда мажлис аҳли орасида оммалашиб кетади. Биздаги учрашувларда баъзи шеърхонларни одоб юзасидан, албатта, қарсак чалиб олқишлашади, аммо у ерда бунақанги сунъий қарсакбозликка ўрин бўлмайди, мен ажойиб шоир Файз Аҳмад Файзнинг шеър ўқиганини кўрганман ва эшитганман. Унинг бир ўқиган шеърини ўн мартача такрорламагунича қўйишмади, пировардида каттагина майдондаги мажлис аҳли шу шеърни тамом ёдлаб олди! Ундан кейин яна бир шоир (дарвоқе, у ҳам машҳур шоирлардан эди, довруғи ҳатто бизнинг мамлакатимизгача етиб келган) ўртага тушди. Лекин бир марта шеър ўқишдаёқ мажлис аҳлининг буткул сукутда қолганини кўргач, мулзам тортиб чиқиб кетди. Менимча, мана шу сукут унга танқидчиларнинг ҳар қандай киноясига нисбатан оғирроқ ботди…
— Одатда бериладиган савол: сизнинг ижодий йўлингиз қандай бошланган?
— Биринчи китобим 1932 йилда босилиб чиққан. Ўшанда ўзим ўн етти ёшда эдим-у, аммо китобимга жуда маънодор қилиб, «Ҳаёт варақлари» деб ном берган эдим. Буни эслаганда озгина хижолат бўламан ҳам, лекин на- чора? Кекса одамнинг ўзини ёш ҳилиб кўрсатишга иштиёқи зўр бўлганидай, ёш одам ҳам ўзини жаҳондийда этиб кўрсатишга жуда тири шади… 1937 йилда иккинчи китобим—«Қизлар қўшиғи» босилиб чиқди, лекин бу китоб ҳам шеъриятдаги ақалли ибтидоий камолотнинг, чинакам маҳоратнинг бўсағаси бўлолмади. Энди ёзмасдан тура олмайдиган бўлиб қолган эдим, шекилли—китоб чиқариш гашти ҳар нарсадан кучли-да,— лекин нима ҳақида ёзаримни ҳали астойдил билмасдим, шунинг учун буни қандай қилиш кераклигини тушуна олмас эдим. Иккинчи китобни ёзаётганимда бир куни Ҳамид Олимжондан шундай деб сўраганим эсимда: «Нима учун мен ёзган шеърнинг ҳеч поёни бўлмайди? Қайси бандда тўхтатмайин, яна давом эттирса бўлаверади-я!» У кулиб туриб, бундай деган эди: «Чунки сиз ҳар бир шеърингизда биратўла ҳамма гапни айтиб олмоқчи бўласиз, ваҳоланки, бундай қилиш ярамайди. Кейин, биласизми, шеърни охиридан бошлаб ёзиш керак…» Унинг маслаҳати нақадар нозик ва аниқлигини, кейинчалик, ўзимда назмхонлик қилиш эмас, балки бирон муҳим ва юрагимда тугилиб қолган фикрни баён қилиш зарурати етилгач, тушундим. Уруш йиллари камолот даври бўлди. Ақлли гапларни ўйлаб топишга, ясама дард ёки завқшавқни куйлашга ўрин қолмади, турмушнинг ўзи қатъият билан ҳақиқий сўз талаб қилди; беихтиёр равишдами ёки бировнинг тажрибасига мурожаат қилиш натижасидами, асл сўзлар ўзидан-ўзи қуйилиб келаверганидан кейин уларни ўрни-ўрнига жойлаштириш, бир-бири билан боғлаш йўлини топар экансан… 1947 йилда чиққан «Ҳулкар» китобим янги ишнинг якуни бўлди. Шеърларим… воқеабанд бўлиб қолди, десаммикан. Лекин баёнчилик маъносида эмас. Мен энди шеърларга ўз руҳий тарихимнинг бир парчасини жойлаштира бошладим, бу парчанинг ўз тугуни, кульминацияси ва ечими бор эди. Энди ёзмоқ учун, Лев Толстой айтганидек, дастлаб газнинг учини учига улаб олишим керак эди. Шеърни бошлаб қўйиб, охирини топмагунимча уни давом эттира олмас эдим. Эндиликда қаёққа қараб кетаётганлигимни билганимдан йўлнинг энг қисқасини излаб топиб олардим, натижада шеърларим кўнгилдагидай бўла бошлади. 1944 йилда «Ҳижрон куяларида» деган навбатдаги китобим чиқди. Урушга бағишланган ўша китобимда фожиали ҳижрон ҳақидаги шеърлар кўп бўлиб, уларни ёзганимда Ҳамид Олимжон ҳали ҳаёт эди, китобнинг корректурасини ҳам икковимиз бирга ўқиб чиққандик. Китобнинг ўзини кўриш эса, унга насиб бўлмади…
— Ижозатингиз билан бояги гапимизга, яъни ўзингиз айтгандай, «кейинчалик шеър ниш уриб чиқадиган» муҳит масаласига қайтсак, Буни мукаммал ва айнан айтиб бериш қийинлигини тушунаман. Шундай бўлса ҳам…
— Албатта, буни айтиб бериш қийин, ҳатто мумкин ҳам эмас. Бунинг устига шеър ҳамма вақт бир хил йўсинда яралмайди. Мен «Уйлар» номли тўпламимдаги ҳамма шеърларни Водилда, жуда ҳам сўлим ва сокин табиат бағрида ёздим. Бундай жойга кўпдан бери орзуманд ва муштоқ эдим. Сўнгги китобим — «Шалола»даги бир неча шеър эса… мажлисларда ўтириб ёзилган. Ишонмаяпсизми? Лекин гапнинг рости шу. Менимча, шеърий асарнинг умри худди уруғнинг умрига ўхшайди. Дастлаб у — фақат, кузатиш, ҳали фикрга айланмаган ҳиссиёту ҳали ҳиссиёт туғдиролмаган фикр. Уруғнинг бари тупроққа тушади, тупроқда ётиб бўртади, бўлажак ниҳолни юзага келтирувчи куртакка айланади. Ва ниҳоят, жиз этиб, жиндак иссиқ, нам, илиқ ҳаво теккач, ердан бош кўтариб, янги умрини бошлаб юборади. Шеър ҳам шундай. Бунинг муддатини айтиб бўлмайди. Чоғимда асарнинг режаси ҳам худди ғаллага ўхшаш кузи ва баҳори бўлади, баъзиси тез нишона кўрсатса, баъзисининг мияда қишлаб чиқиши даркор бўлади. Табиийки, баъзан уруғнинг ичида ҳам пучаги учрайди, ундан ниш уриб чиққан ниҳол бари бир кўкармайди, бинобарин, шоир ҳам худди деҳқон каби гоҳ мўл ҳосил олади, гоҳ оз.
— Хўп, башарти «дон» билан «ниҳол» деган образнинг мағзини чақиш учун ўзингизнинг шоирлик биографиянгиздаги воқеаларга назар солсак-чи…
— Бир режанинг тарихи мен учун жуда ҳам ибратлидир. Саккиз йил бурун мен она ҳақида достон ёзишга аҳд қилдим. Онамлар ҳақида, у киши ўшандан сал илгарироқ оламдан ўтган эдилар. Менинг назаримда, онанинг вафоти кўпчилик одамлар учун (ҳеч бўлмаганда, тафаккури ва ҳиссиёти расмана одамлар учун) уларнинг ҳаётини шартта икки паллага ажратиб ташловчи марза, чегара бўлади. Бу, шундай бир руҳий нуқтаки, ундан дунёга қараб ўз умрингнинг уфқларини кўрасан, жуда керакли нарсалар ва тушунчаларнинг асл қадрини биладиган бўласан. Оналаримизнинг тириклиги ўзи катта бойлик ва бахтдир. Энг мушкул кезларда талпиниб борадиган паноҳимиз борлигини билганимиз ёки тўғрироғи, билмасдан ҳис қнлганимизга шундай бўлса керак. Бу паноҳларимиз йўлимизга интизор кўз тикиб туришади-ю, лекии қўлимизга қарашмайди, мартабамиз билан унвонларимизни эмас, балки ўзимизни яхши кўришади. Она ҳамма нарсани кечиради… Шу боисдан, онасидан жудо бўлган киши — ёши ва мавқеининг катта-кичиклигидан қатъи назар — худди ичкари тарафдан илк бор олдинги сафга келиб қолган аскардай, ақалли оз фурсатга бўлса-да, ўзини ҳаёт ва мамот қаршисида ҳимоясиз қолгандай сезиб, ғамга ботади; кишида кечикиб пайдо бўлган ва эгасини тополмай қолган қаттиқ миннатдорчилик туйғуси юрагини эзади. Бу—онамизннпг бизга қилган яхшиликлари эвазига эмас, балки у кишининғ биз учун нақадар қимматли инсон бўлганлиги учун айтиладиган миннатдорчиликдир. Мен ҳам худди шу кўйга тушиб, достон ёзишни ихтиёр этган бўлсам керак. У ҳали режа ҳам бўлмай, кўнгилда вужудга келган бўшлиқни тўлдиришга интилган, инсонга хос оддий эҳтиёж бўлганлигинн, хотира чанқоқлигини қондириш, узилмаган қарз ҳиссини тўкиб солиш эҳтиёжи бўлганлигини энди тушуниб турибман. Бу ҳис шунчалар кучли эдики, қўлга қалам олганим ҳамоно, сўзлар ўз-ўзидан қўйилиб келиб, қоғозга тушаверадигандек бўлиб туюлган эди. Қўлимга қалам олиб, бир неча юз мисрани ёздим ҳам. Аммо орада журнал иши, сафарлар чиқиб, асарлар узилиб қолди.
— Кейин бу асарни давом эттиришга уриндингизми?
— Кейин мен яна бир китоб билан яна бир достон ёздим, ўша, аввалги достоним эса ҳамон чала турибди, уни ёзаман фақат у асар ўйлаб қўйганимга ҳеч ўхшамаган бўлади. Энди бу — фақат ўз онамлар ҳақида достон эмас, балки умуман она ҳақида, она ўз сийнасида ҳамиша олиб юрадиган покиза ва абадий беғаразлик ўти ҳақида достон бўлади. Лекин қилинмаган ишлар ҳақида ҳаддан зиёд кўп гапириб юбормадикми?
— Йўқ, менимча, шундай бўлишида ўзига хос мантиқ бор. Чунки биз ҳозир худди тоғларда юрган геологлар сингари усти очиқ қатламларни, аллақандай табиий кетрикни қидиряпмиз, шу жиҳатдан олганда, сизнинг чала қолган достонингиз, айниқса, ибрат бўларли экан. Сиз бу мавзуга яна қайтдингизми?
— Ҳа. Бир йилдан сал ошди, мен журналнинг навбатдаги сони учун ҳалок бўлган жангчилар хотирасига Оққўрғонда ўрнатилган ёдгорлик билан унинг олдидаги мангу аланга ҳақида мақола ёздим. Мақолага ҳам «Аланга» деб сарлавҳа қўйдим. Ёзаётган вақтимда, ўша ерда кўрган манзарам: мангу аланга қаршисидаги она сиймоси кўз олдимда турди. Мен мақоламда, албатта, фарзандлар ёдгорлиги олдида турган она ҳақида, унинг қалбида ловулллаб турган ҳеч сўнмас хотира алангаси тўғрисида, хуллас, шундай кезларда хаёлга келадиган табиий туйғулар ҳақида сўз юритдим-у, буни қарангки, гапнинг содда ва «ҳаммабоп» йўсинда бу томонга бурилиб кетиши чала қолган достонимга асосий, теша тегмаган образ бўлишини дабдурустдан сезиб қолдим. Ахир ҳақиқатда ҳам, асло туганмас, мангу ҳаорорат ванур онақалбига жо бўлган… Шундай қилиб, тезда достонни яна қўлга олдим — унинг дебочасини ёздим — уни поёнига етказа олишимга энди ақлим етиб турибди.
— Ҳа, яхши, ўзингиз айтгандай, «уруғ»га жиз этиб тегувчи «илиқ ҳаво» охири топилибди-да… Ўзи доим шунақа бўлади: чинакам асар умумий тафаккур, юракда пишиб қолган мавзу билан ғоят аниқ манзара, аён бир образнинг чатишиб кетиши натижасида туғилади, гўё шеърий тафаккур жонли қобиқ ичига жойлашиб олиб, шакл пайдо қилади…
— Ҳа, яна энг қизиғи шундаки, умумий тафаккур билан аниқ манзара сенинг хаёлингда узоқ вақтгача айрим-айрим ҳолларда яшайди-да, кейин бирдан иккови бир-бирига қўшилиб кетади. Ғафур Ғулом ўзининг кейинчалик машҳур бўлиб кетган «Вақт» шеърини ёзишни ният қилиб қўйиб, қандай қийналиб юрганини айтиб бергани эсимда. У, аллақандай умумий тасаввурлар тафаккурини чулғаб юраверибди, фикрлар бир-бирига тўқнашиб кетаверибди, шеърнинг айрим бандлари етилиб ҳам қолибди-ю, лекин шеърнинг ибтидоси, асосин аниқ образ, биринчи мисралар ҳадеганда туғилавермабди, у туйқусдан бир замонлар бир шаҳло кўзли қизни таниганини, унинг ажойиб қуюқ киприклари капалак қанотига ўхшаш бўлганини эслаб қолибди. Ўша қизнинг киприк қоқишини эслаши билан кўз ўнгида бир лаҳзали фурсатнинг жонли образи гавдаланибди, шеърга камлик қилиб турган образнинг ибтидоси худди мана шу экан! Менинг ўзим ҳам бундай ҳолларни кўп кечирганман. Аксар шунақа пайтларда шеър тез ва равон ёзилади. Масалан, «Шалола» китобимдаги шеърлардан бир нечтасини мажлисларда ёзганимни боя айтиб ўтдим. Қандай мажлисларда, дейсизми? Аҳамияти йўҳ, ҳолбуки, шу гапнинг ўзи ҳам мажлисларнинг фойда-зиёнини кўрсатиб турибди. Бир мажлисда руҳим ниҳоятда енгил тортиб кетгани эсимда. Шунда — буни қарангки, ўчакишгандай олдимда қоғоз йўқ экан! Секин ёнимдаги одамдан қоғоз сўраб олиб, баҳор шабадаси ҳақида шеър ёза бошладим ва уни қандай битириб қўйганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Мен ёзаётганимда кўз қирини ташлаб, ҳурматли артисти Олим Хўжаев ўтирардилар. Ҳамкасб адиблардан бири бир ёнимда ўтирарди, мен ўша шодмон ва қувноқ кайфият билан уларга тўлган саҳифани узатган эдим, олиб, ўқиб чиқди-да, мақтаган бўлди — назаримда, мақтови самимийдек эди — сўнгра, жуда ҳурмат сақлаб туриб: «Буни ҳозир ёздингизми?» деб сўради. Ҳа, деб жавоб бердим мен шўхлик билан. «Ҳозир ёздим! Буюринг, яна нима ҳақда ёзиб берай?» Бу гапдан кейин у менга жуда ҳам сиполик билан зимдан қараб қўйди- да, ўзидан маслаҳат сўраганимга ишониб, боягидек сиполик билан: «Вафодорлик ҳақида… ёзинг бўлмаса!» деди. Гўё бу мавзунинг мен учун ғоят аҳамиятли эканини қаттиқ таъкидламоқчи бўлгандай яна менга қараб қўйди. Ҳалигина эсиб турган кўклам шабадаси ҳам, шодмон кайфиятим ҳам, шафтолининг пушти либоси ҳам бирпасда йўқолиб, бирданига бошқа кайфиятга тушиб қолдим. Қатта чинор дарахти кўз олдимга келди. Лекин шу дарахт катта бўлиб олгунча қанча машаққатларни бошдан кечирганини ҳеч ким ўйладими?
Шеър ногаҳоний кайфиятга, кимнингдир гапига жавобан туғилганига, ўзингни чолғу асбобига ўхшаш сезасан — кимдир торингни чертиб қўяди-да, кейин оҳанг, куй, наво қуйилиб келаверади. Албатта, шуларнинг ҳаммаси сенда илгари ҳам бўлган ва сассиз тор сингари таранг тортилиб ётавермаган, балки йиғилиб-йиғилиб, ўзининг ғалати, пинҳона ҳаётида етилаверган ва вақти-соати келиши билан бир лаҳзада юзага чиққан-қўйган…
— Биз ҳозиргача, асосан, шеърий асарнинг «туғилиши»га тааллуқли шароитлар ҳақида гаплашдик… «Шеър қандай ишланиши»га сизнинг муносабатингизни ҳам билмоқчи эдим. Чунки шеърнинг «туғилиши» билан унинг «ишланиши» баъзи бировлар ўйлаганидек, асло бир-бирини истисно этувчи жараёнлар бўлмай, балки, аксинча, бир-биридан ажралмайдиган ва ҳатто бири иккинчисисиз юзага келмайдиган жараёнлардир. Мен қуйидагиларни назарда тутяпман. Модомики, «уруғ»нинг бизга кўринмасдан, пинҳона суратда бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтиш, яъни аллақандай ижодий «тилсимот» даври зарур экан, «ниҳол бош кўтариб чиққач», яъни шеърнинг илк нусхаси ёзилгач, онгли равишда ишлаш палласи бошланади. Биринчи босқич — истеъдод, туйғунлик, табиий ички маданият масаласидир, шундан кейин эса, биздан санъат талаб қилинади, чунки ҳар қандай санъат каби шеърият ҳам «санъат» билан тирик. «Санъат»нинг эса, ўзига хос усуллари, сирлари бор. Мен сиздан худди шуларни сўрамоқчи ҳамда фурсатдан фойдаланиб, ўзимни кўпдан қизиқтириб келаётган бир нарсани ойдинлаштириб олмоқчи эдим.
Шеър шакли билан унинг энг муҳим унсурлари, вазн ва қофия бу — шеъриятда «ишланиш» жараёнида ҳам ғоя муҳим роль ўйнаши мен учун шак-шубҳасиздир. Дарвоқе, буни шеър ёзувчи ҳар бир қаламкаш билади: мисра, шеър гоҳо қайси бир бурилишда ўз оҳанги билан бизни қойил қолдирган тасодифий сўздан ёки ана шундай катта тасодифий сўзни тутатиш, кутилмаганда фонетик ва мазмунан ҳамоҳанглик касб этишидан бошланади. Ёхуд ҳатто мана бундай ҳам бўлади—шеърий асарни ушлаб турадиган асосий истиора сўзларни қофиялаш тиришдан, қофиядош сўзларни шунчайин териб олишдан вужудга келади! Бошқача қилиб айтганда, қофияга ишимиз тушмаганида — образ ҳам туғилмаган бўларди… Гарчанд буни тайёргина бир банд шеър материали асосида исботлаб беришга камдан-кам муваффақ бўлинса ҳам, аслида кўп вақт шундай бўлади. Албатта, бу ишнинг ўз амалдаги қонуни бор, қофия талаб қилувчи сўз ҳам мазмуни ва оҳангига кўра зарбли сўз-да, ахир… Шунақа бўлса ҳам, бизда бундай «исёнкорлик»ка иқрор бўлишни — шоирлардан ҳам кўра, уларнинг тадқиқотчилари — унчалик ёқтирмайдилар-да, шоирнинг миясида тасаввурларнинг бир-бирига боғланиши қай йўсинда вужудга келишини гоҳо шундай соддадиллик билан тасвирлайдиларки, бу—укаси қаёқдан бинога келиб қолганини тушунтириш учун ёш болани алдаб айтиладиган гапларга ўхшаб кетади. Аммо, шеърий шаклнинг ривожи рус шеърияти учун қандай аҳамиятга эга эканлигига унинг бутун тарихи гувоҳдир. Шунинг учун бўлса керак, бизда сочма шеър тузукроқ урф бўлиб кетолмаяпти. Бироқ шеър тартиби ўзининг бутун томирлари орқали тил тартиби билан боғланганки, бошқа бир тил шеърга бошқача талаблар қўйиши мумкин. Меи худди шу нарсани ойдинлаштириб олмоқчиман. Мен ўзбекчани унча яхши билмайман-у, лекин менга, масалан, кўпинча ўзбек тилида қофиянинг у қадар аҳамияти йўқдек, шунинг учун бу тилда феълли қофияларнинг жуда кўп учраши бежиз эмасдек туюлади.
— Менимча, сиз янглишасиз. Феълли қофиялар ҳукмрон дейишингиз ҳам — юзаки тасаввур. Бундай қофиялар бўш шеърларда, газеталарда босиладиган тезпишар назмларда кўп учрайди. Гарчанд, рус шеърияти билан ўзбек шеъриятининг тартиблари бир-биридан ҳақиқатан жуда ҳам фарқ қилса-да, қофия, вазн, ички оҳанг, тиргаклари—ассонанс, аллитерация—шеърнинг бутун фонетик тузилиши ўзбек шеъриятида ҳам худди рус шеъриятидаги каби катта аҳамиятга эга. Ҳеч бўлмаса, қофия билан вазн, ўзбек мақолларида қандай роль ўйнашини биласиз-ку, ахир! Шундай бўлгандан кейин шеърга нима дейиш мумкин. Менинг назаримда, азалда шеърнинг насрдан ажралиб турувчи ташқи — «ўқилиш» ёки «эшитилиш»даги аломати унинг ёдда қолиши бўлган. Бизнинг Ўзбекистонда сон-саноқсиз байтларни ёддан билувчи адабиёт шинавандалари қадимдан бениҳоя кўп бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Менимча, бу факт шеъримизнинг расман тузилиши юксак даражада эканлигидан далолат бермайдими, ахир, «ёдда қолдирувчи» асосий омил шу эмасми? Шу боисдан қофиянинг сийқалиги, қофияланувчи сўзларнинг ҳадеб бир қолипда туравериши бизда ҳам заифлик, дидсизлик ҳисобланади. Аммо, шахсан ўзимнинг шеъриятдаги тажрибам ҳақида гапирадиган бўлсам, иқрор бўлишим керакки, мен ҳеч қачон қофия излаб «топиш» билан атайлаб шуғулланган эмасман. Кутилмаганда эътиборни ўзига тортадиган, ҳар банднинг «қиёфаси»ни белгилаб берадиган жарангдор, ғайритабиий сўз маъносида қофия мен учун ҳамиша муҳим, лекин ишонишингиз мумкинки, қаттиқ бош қотириб қофия қидирган вақтим бўлган эмас, унинг ўзи доим рўпарамдан чиқаверган, мазмун билан туғилаверган. Шеър ёзиши осон кўчар экан, деб ҳам ўйламанг: ҳар қандай ёзувчи сингари фикрингни тўла ифода этадиган чақмоқдай сўз топиш машаққати менга жуда таниш. Ахир, йиллар ўтган сайин ўз-ўзингга талабчанлигинг ошиб боради. Тажрибанг қанча кўпайса, бировларнинг эски ё янги шеърлари билан қанча кўп танишсанг, бирон чинакам гап топиб айтишинг нақадар зарурлигини шунча яққол ҳис қиласан. Иккинчи томондан эса, қанчалик ғалати туюлмасин, тилнинг имкониятлари, шеъриятнинг қўл урилмаган ва қадаминг етмаган майдонлари чин дан ҳам чексиз эканига ишонч ҳосил қиласан.
Водилда ёзилган «Ўйлар» китобимдаги «Ўйлар» сарлавҳали шеъримнинг бир мисрасида «пудрат» иборасини ишлатгандим. Шеър босилиб чиққач: э, тавба, шундай жўн, «бозорий» иборани шеърда ишлатиб, уни жаранглатиб юборса ҳам бўларкан-а, деб бунга кўп одамларнинг астойдил таажжубланганликларини ҳам эшитганман. Шуни айтиш керакки, ўзбек тилида бу ибора ҳақиқатан ҳам шеъриятдан ва умуман адабиётдан йироқ бўлган савдо муомаласида қўлланилади. Китобдаги бошқа бир шеър — «Қатра»да ҳам бутунлай хўжалик маъносига эга бўлган «пона» ибораси ишлатилган эди, Бу тўғрида ҳам баъзи ҳамкасбларим яшонмаганнамо завқланиб гапирдилар… Кези келганда шуни айтиб қўяйки, таржимон ҳам шеърнинг худди шу жойини, айниқса, топиб ва ўринлатиб таржима қилган. Лекин рус тилида бунинг лексик жиҳатдан ҳеч қандай тасодифий ери бўлмаса керак, чунки русча «клин» иборасининг елкасига одатда адабий «юк» ортилган бўлади.
— Ҳа, тўғри айтасиз, аммо, хушомадгўйлик эмасу, шу банд русчада ҳам жуда ажойиб жаранглаб кетган. Биласизми, мен уни ёддан биламан, асарнинг ёдда қолишини эса, ўзингиз энг яхши мезон, дедингиз.
Я тайно не приду.
Я не войду в твой дом, в твою судьбу подобно клину.
я не накличу на тебя беду…
— Жаранглашга жаранглаган, аммо бошқачароқ тарзда. Эҳтимол, қўшимча ички қофиялаш билан рус тилидаги товушларнинг жарангдорлиги, бу тилнинг «қўнғироқдорлиги» шарофатидан шундай бўлса керак. Ўзбекчада эса, янги сўз ишлатиш ғайри-одатий лексикадан шеърга олиб кириш, борингки, бу лексиканинг ҳаётий сезилиш даражаси кутилмаган нарса бўлиб туюлади… Ростини айтсам, ана шу жўн иборалар жумланинг талабига қараб, шеърга ўз-ўзидан кириб қолди, лекин шулар туфайли мен — ўз тажрибам ва шунингдек, шоир ўртоқларим тажрибасида депсиниб қолаётганимизга яна бир карра қаноат ҳосил қилдим… Ваҳоланки, қандай бой хазина, сўзлар жавоҳири хазннаси бизга мунтазир бўлиб турибди! Бахтимизга, келажакдаги қуролимиз мана шу халқ тили деб аталган хазинада тургани билан зангламайди, аксинча, фақат пешланиб ва ўткирлашиб бораверади-ю, лекин бундай ўй билан ўзни оқлаш шеъриятга фойда келтирмайди…
— Ҳар бир шоир қайси жиҳатдандир ўзлигини сақлаб қолгани ҳолда ўз ижодий йўли давомида ўзгариб бориши муқаррар. Ўз назарингизда, сизнинг услубингиз, ижодий усулингиз қайси томонга қараб ўзгариб боряпти — соддаликка, тил, лексиканинг халқчил бўлишига қарабми, ёки бунинг аксига, мураккабликка қарабми?
— Қийин жойдан тутдингиз. У томонга ҳам, бу томонга ҳам қараб, деб тўппа-тўғри жавоб бериб қўя қолардим-у, жуда ҳам шундай эмас… Тузукроқ ўйлаб қаралса, унчалик бемаъни ҳам эмас бу. Бир томондан фразеологик бисоти олган билан адо бўлмайдиган сўзлашув тилнинг бойлпгига интиласан ва содда тил — асло соддалик бўла олмаслигини тушуниб оласан. Шеърим равон бўлса, қулоққа яхши эшитилса, уни ўқиган одам мумкин қадар тез тушунса, шеърим аниқлик ва равшанлик касб этса, дейсан. Аммо, иккинчи томондан, шеърият — шунчаки сўзлардан тузиладиган тўрт амал эмаслигини, шеърий алгебра — образлилик унинг негизини ташкил этишини йиллар ўтган сайин тобора чуқурроқ англаб бораверасан… Бошқача қилиб айтганда, шоир кўп нарсаларни — фикрлар, ҳислар, бир-бири билан мураккаб равишда боғланган ҳаёт ҳодисаларини — шеърга сингдиради, китобхон эса, ана шуларни топиб, мағзини чақишдан эстетик завқ олади. «Ўйлар» тўпламим босилиб чиққанда, адабиётчи дўстларнмдан бири менга «шеърларингизни тушуниш қийин бўлиб кетяпти», деди. Бу гап мени жуда ташвишга солди. Китобга ўзим учун аллақандай бир янгилик зуҳур бўлганини сезардим, лекин айбга қўшилмасину, буни ўз назаримда орқага қараб қайтиш эмас, маҳоратда бир поғона кўтарилиш, деб билардим. Мен ҳадеб ишлатилаверадиган бир қатор нисбатлар, сифатлар, истиоралардан—адабиётшуносларимиз «анъанавий образлар» деб атаганлари — нарсалардан қочишга уринган эдим; ҳар бир шеър учун, агар таъбир жоиз бўлса, ўзига яраша истиоралар ихчамгина иқлимини яратиб, уни мавзунинг шу шеърдаги йўналиши, шу шеърдаги ҳиссий кайфият билан боғлашга интилган эдим. Тушуниш қийин, деган гап сийқа иборалардан нарироқ турганимдан келиб чиқдими? Ўша кезларда бир куни Абдулла Қаҳҳор билан учрашиб қолдим. Абдулла Қаҳҳор шеър ёзмасалар ҳам, шеърни жуда яхши тушунар эдилар. Мен ҳамиша янги шеърларимни бу катта сўз санъаткорига ўқиб берар ва фикрларини олар эдим. Мен «Ўйлар» китобим ҳақида баъзи дўстларимизнинг фикрларини унга айтдим. Абдулла ака ўзига хос нуқтадонлик билан: «Парво қилманг! Шеър саводсизларга атаб ёзилмайди-ку…» деб гапни лўнда қилди – қўйди. Албатта, у «саводсизлар» деганда, асло ўқиш-ёзишдан бехабар одамларни назарда тутган эмас эди. Кейинчалик доно заршунос китобхонлар билан учрашувларда, муҳокамаларда айтилган фикрлар боис шеърларим давр талаби, ўсиб бораётган талаб доирасида эканлигига ишондим. Бу китобга кирган шеърларнинг кўпчилиги анча мураккаброқ кўринган бўлса, менинг шеърга кўпроқ мағзбахш образлар орқали фикрни ифода этишга эриша олганимдандир. Албатта, бу шеърларнинг ҳаммасини ҳам минбар шеърлари деб бўлмайди. Зотан, шеърни ҳар маҳал ҳам минбар атрофида йиғиладиган шеърхонга атаб ёзмаймиз-ку.
Водилда «Ўйлар» китобим устида ишни якунлаш арафасида катта рус шоири Степан Шчипачевнинг «Известия»да эълон қилинган шеърларини ўқиб қолдим. Улардан саккиз мисрали бир шеър менинг шеърият ҳақидаги ўйлаганларимни шундоққина, моҳирона айтиб қўйгандай кўринди ва у шеърни дарҳол таржима қилиб китобимни шу шеър билан якунладим:
Океан тўлқинидай гумбирлаб бирдан
Зўр зални ларзага солишга қодир —
Минглаб кучли қўлдан тошган қарсакдан
Ўзини бахтиёр қис этар шоир.
Бизнинг бундай шаддод замонда, аммо,
Бу қувончнинг ўзи етмайди зинҳор.
Агар кнмдир, кейин, хилватда танҳо
Ўзи мисраларинг этмаса такрор.
Ҳа, йиллар ўтган сайин ёзиш тобора қийинлашяпти — сўз, тил, шеърнинг имкониятларини кўпроқ тушуниб қолар экансан; лекин борди-ю, кучинг камайиб, қийинчилик ортиб кетаверса, бундан ишга ўчлик кучаяркан, хо- лос. Ёшинг ўтиб бораётганини англашдан, кўп вақтингни бекорга, мутлақо ноўрин ва ноке- рак ишларга сарфлаб юборганингни тушуниш аламидан бу ўчлик баъзан сира қонмайдиган даражага кўтариларкан. Илгарилари бирон санага атаб, газета ё журналга шеър ёзнб беринг, дейишса дарров «хўп» деб қўя қолардим: йўл-йўлакай учрайдиган юмушга ҳам, ўз умримни бағишлаган ишга ҳам вақтим етадигандек туюларди. Ҳайҳот, вақт тез ўтиб кетар экан. Ёшликдаги чапдастлик кетаркану, аммо ёш улғайгач, кишида бир фазилат — зукколик пайдо бўларкан. Дарвоқе, бу эҳтимол, ёшга ҳам қарамас? Ҳозирги баъзи ёшларимизга бир назар ташланг-а, улар шеъриятга нақадар зукколик, забардастлик, баркамоллик билан кириб келишди… Эҳтимол, бу фақат шоирнинг ёшига боғлиқ бўлмай, адабиётнинг ёшига ҳам боғлиқдир.
— Ёшлардан гап очдингиз, суҳбатимиз учун айни муддао бўлди, ўзим ҳам сиздан шуни сўрамоқчи бўлиб турувдим. Сўнгги вақтларда ўзбек шеъриятидаги янги авлод ҳақида кўп гапиришяпти, бир неча кишининг номини тилга олишяпти (дарвоқе улар баъзан бир-бирларидан ўн ёш фарқ қилишади), тилга, шеърият вазифаларига японча ёндошиш тўғрисида сўз юритишяпти… Бу ҳақда сиз қандай фикрдасиз?
Ҳақиқатан ҳам, биз ўз ижодий йўналиши эътибори билан янги, яхлит ҳодисани кўриб турибмизмн? Модомики шундай бўлса, эҳтимол, умуман ўзбек шеъриятида чиндан ҳам аллақандай ижодий силжиш кўзга ташланаётгандир? Мен рус шеърияти — айни ўзининг ёш авлоди тимсолида—бундан ўн беш йилча бурун қилган ишга ўхшашроқ ҳодисани назарда тутяпман. Биласизки, ўшанда рус шеърияти олдида янги тематик уфқлар очилиб, янгитдан ёғилиб келаётган мўл-кўл мазмунни ифода этишга қаттиқ зарурат шеърият бисотини қайта кўриб чиқишни талаб қилган эди. Қофия — чигал масала бўлиб қолди. Сабабини тушуниш қийин эмас. Воя гаплашгаиимиздек, рус шеъриятида қофиянинг роли жуда катта бўлганидан аниқ қофиялаш принципининг бнр ярим аср мобайнидаги ҳукмрони шеъриятнинг ғоят бой ҳаётини шунга олиб келиб қўйдики, шоирнинг тафаккури беихтиёр баъзи бисотдаги, албатта, озми-кўпми даражада ҳисобли бўлган қофиялар устида айланавердн. Табиийки, «море» сўзи албатта, ўзига қофиядош келувчи «горе», «вскоре» ёки «просторе»ни ёхуд муҳаррар суратда такрорланаверадиган яна ўнлаб шу каби бошқа сўзларни талаб қилса, мазмунга, образга боғланувчи тасаввурлар ва сон-саноқсиз тақлидчилар томонидан кўп марталаб такрорланган худди ана шундай давра атрофида айланаверишга мажбур бўлди. Дарвоқе, Пушкиннинг ўзиёқ, бундан кулган эди, эсингиздами, «Евгений Онегин» да бир бандни «морозм» сўзи билан тугатгач, киноя билан давом этади:
…Читатель ждет уж рифмы «розы…»
Мана, охири аниқ қофиялашнинг ўрнини ассонанс жараёни эгаллади. Буни сира ҳам эллигинчи йиллардаги шоирлар ўйлаб топишгани йўқ, аксинча, бу жараён оғзаки ижод жанрларида (асосан, қўшиқ ва мақолларда) қадимдан яшаб ва равнақ топиб келарди, ундан баъзи шоирлар — бир хиллари кўпроқ, бир хиллари онда-сонда фойдаланардилар, лекин энди у олдинга чиқиб олиб, ҳукмронлик мавқеини эгаллади. Бу жараён ҳадеб такрорланаверадиган тасаввурлар гирдобини ёришга имкон берди, образ яратиш учун янги майдонлар очди ва бу, ўз навбатида, шеърият уфқини кенгайтиришга тез таъсир кўрсатмасдан қолмади. Шаклнинг янгн имкониятлари орқали борилсин, деб мазмуннинг қўйган талаблари тематик, ижодий-ғоявий жиҳатдан кашфиётлар келтирди. Саволимга шунчалик катта қўшимча қилганимга хафа бўлмассиз, деган умиддаман. Бу — тасодифий қўшимча эмас, зеро, пировард натижада ҳар қандай миллий адабиёт бошидаги муаммолар — айни чоқда, кўп миллатли адабиётга тааллуқли муаммолардир: мамлакат ҳаёти ягона бўлганлигидан бир адабиётда содир бўлувчи жараёнлар, майли вақти мос келмаса-да, бошқа адабиётларда ҳам содир бўлиши мумкин ва табиий.
— Гапингизни тушундим. Ўзбек шеъриятида шеърий «ислоҳот», очиғини айтсак, шакл инқилоби ҳақиқатан бўлди. Лекин ҳозир эмас — бу шеъриятни бошлаб берган кишилар даврида, йигирманчи йилларнинг охири — ўттизинчи йилларнинг бошларида бўлди. Аруздан, мумтоз шеър вазнидан воз кечиб, «бармоқ» вазнига ўтилганлиги ана шундай инқилоб эди. Аммо гап фақат араб ва форс тиллари негизида вужудга келган арузнинг тилимиз табиати учун кўп жиҳатдан сунъий вазн бўлиб қолганлигида ҳамда унинг ўтмишда шубҳасиз, жуда катта ва муҳим роль ўйнаган тарихий вазифаси ўтмишдаёқ тугал адо қилинганлигида эмас эди. У — кўҳна вазн бўлиб, унинг шеърий қоидаларидан кўплари шоирларнинг истеъдоди билан иқтидорини шартлиликларга сарфлаттириб, уларнинг тафаккурини, ҳиссиётини, бадиий воситаларини бирмунча бўғиб қўяр эди. Аруздан анча чекиниш ҳаётдаги янгиликлар тақозоси билаи қилинган жуда катта ўзгариш, буюк ижтимоий ўзгариш бўлди. Шеъриятдаги бу ислоҳотни тарихан бизнинг маданий инқилобимиздан, шеъриятга мисли кўрилмаган катта, янги мавзуларнинг кириб келишидан, ўшанда деярли ҳар бир ёзувчи иштирок этган ғоят катта ташвиқотчилик ишларидан ва ниҳоят, жаҳон тараққийпарвар шеърияти, биринчи галда рус совет шеъриятидан ўқиб-ўрганишдан ажратиб бўлмайди. Шеъриятдаги бундай инқилобда иштирок этиш, масалан, айтайлик, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Миртемир сингари ижодий шахсияти жиҳатидан ҳам, ёзиш услуби жиҳатидан ҳам бир-бирига сира ўхшамаган устозларни бирлаштириб юборди.
Ойбек — чуқур хаёлга ботган, оҳиста ҳаракат қилиши ўзига хўп ярашган, доим жонини жабборга бериб ишлайдиган одам бўлса, Ғафур Ғулом шартта-шартта шеър тўқиб юборишдек деярли беандоза истеъдодга эга бўлганлигидан, унинг ҳамма нарсани ўз бағрига сиғдиришга қодир тўлиб-тошган, паст- баланд мисралари ҳам сиртдан қараганда, худди ўзига ўхшар эди: Ғафур Ғулом онгида чарх урган фикрларни бирваракайига айтиб олишга ошиққани учун ишга бирдан ёпишиб, уни бир ўтиришдаёқ тугатиб қутулишга одатланганди. Шунинг учун ҳам шеърларини бировга айтиб туриб ёздириши ҳам мумкин эди. Мен бошқа бундай шоирни билмайман. Масалан, бир куни у менинг шеъримдаги бир мисрани овозини чиқариб тўғрилай бошлади-да, янгидан олти банд шеърни айтиб туриб, ёздириб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди! Ёки биз журнал учун шеър сўраганимизда, бир нафас ўйлаб туриб: «Қани, ёзиб ол!» деб бутун бошли шеърни айтиб туриб ёздириб кетган пайтлари ҳам бўлган… Шу кишиларнинг ёнида Ҳамид Олимжон бор эди, у жуда ҳам бир мақсадни кўзлаган, ҳамиша иш билан ўз имкониятларининг ҳаддини билган — ҳар мисрага ҳам, ўз-ўзига ҳам қаттиққўл бўлган, тамомила бошқа тахлитдаги одам эди. У шеърий бандларга аввал миясида шундай сайқал бериб олардики, кейин бу бандлар қоғозга «тўкилгани»да биллурдай жилоланиб турарди. Ана шундай устозлар ва уларнинг бошқа сафдошлари битта умумий ишни, аниқроғи — ягона ишни, амалга оширишди…и
Бу авлод салкам қирқ йил мобайнида шеъриятимизнинг қиёфасини белгилаб келди, адабиётга кейинроқ кирган «иккинчи эшелон»даги шоирлар эса, устозларнинг бу ишларини давом эттирдилар. Аммо сўнгги йилларда устозларнинг кўпчилиги орамиздан кетди. Эҳтимол, шу боисдан янги авлоднинг кириб келиши кўзга ялт этиб ташлана қолгандир… Йўқ, мен бу ёшларнинг шуҳрат топишига бирдан-бир сабаб — мана шу, демоқчи эмасман, асло, ундай эмас!
Мен фақат китобхонлар билан танқидчиларнинг идрокида сўнгги авлод шоирларини нима бирлаштириб турганини изоҳлаб бермоқчиман, холос. Чунки улардан баъзиларнинг ўртасида ўн ёш фарқ борлигини ўзингиз ҳам айтдингиз. Йўқ, улар шеъриятга устозлардай инқилоб киритмаган бўлсалар ҳам, менинг назаримда, аввалги ютуқлардан фойдаланишга, лекин айни замонда, идроклаш ва мулоҳазакорликнинг янги поғонасига, шеърий аниқлик ва бақувватликнинг янги босқичига кўтарилишга ҳаракат қилмоқдалар… ёшлардан энг ёрқинларининг маҳорати, ижоддаги барвақт камолоти — ҳам шахсий истеьдоднинг, ҳам шубҳасиз, умуман шеъриятимиз баркамоллигининг натижасидир. Улар ўзларига қадар ишлаганларнинг елкасида турганликлари учун, энди олисроқ масофани кўрмоқдалар.
— Афтидан, кекса авлодга мансуб устозларнинг ҳаётдан кетиши ҳақиқатан ҳам аллақандай руҳий чегара бўлиб, ана шундан янги ҳнсоб бошлаганга ўхшайди. Танқидчилик ёш шеъриятнинг баъзи намояндаларини устозларга: айтайлик, Эркин Воҳидовни Ҳамид Олимжонга, Абдулла Ориповни Усмон Носирга жуда ҳам бажонидил қиёс этаётганлиги бежиз эмасдир… Шундай таққослаш тўғрими?
— Маълум даражада ва маълум кезларда — тўғри. Лекин шуни айтиш керакки, ҳеч бир нарса такрорланмайди, ёш истеъдоднинг қандай ўсиб ривожланишини олдиндан башорат қилиш жуда қийин. Эркин Воҳидов ёза бошлаган пайтларда, менинг ўзим уни бир учрашувда мажлис аҳлига таништира туриб, Ҳамид Олимжонга қиёс этгандим. Ўшанда бундай қиёс табиий эди. Воҳидов маълум шаклга кирган, тиниқ шеърият сарпардасида қалам тебратарди, бунда ҳиссий равшанлик ақлий асосдан келиб чиқади, ҳар бир сўз эса, бамисоли линзадек сайқал олгани учун ҳаётни кутилмаган тарзда катталаштириб кўрсатади. Хуллас, Воҳидов шеъриятга илк бор қадам қўйганида Ҳамид Олимжон сарпардасида куйлади. Услубида ҳам, ҳатто мавзу танлашида ҳам кўп ўхшашлик бор эди. Лекин тақлидчилик ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас эди, албатта. Воҳидов ёзишда давом этди. Олти ё етти китоб чиқарганидан кейин, у арузда ёзилган ғазалларини тўплаб, «Ёшлик девони»ни нашр эттирди. Бу — илгари арузда ҳеч қалам тебратмаган ёш шоирнинг яхши тажрибаси, машқи ҳаммамизни қувонтирди. Шоир муваффақиятли равишда арузда ёзишни давом эттиряпти. Мен ўзим арузда ҳеч ёзмаган эдим. Аммо менга шу нарса бегумон эдики, аруз кўпинча шоирни араб ва форс сўзларини кўпроқ ишлатиб қўйишга, кўп сўзликка мажбур қилади. Масалан, кўпинча маснавийда, ҳар бир иккинчи мисра ўз-ўзича яшамайди, балки ўзидан олдинги мисра учунгина яшайди, бизнинг шиддаткор давримиз эса сўзларни ҳам тежашга даъват этади.
Абдулла Ориповга келганда эса, унинг истеъдодли эканлиги ҳам аён кўриниб турган нарса. Билмадим, Абдуллани Усмон Носирга қиёс этиб бўлармикан. Қайси жиҳатдандир бўлар, икковининг истеъдоди ҳам барвақт ва ялт этиб нишона кўрсатди… Орипов ёш бўлишига қарамай, воқеликка кенг, дадил назар билан қарайди ва ҳамма нарса ҳақида содда қилиб, ўз тили билан сўзлаб беришдек нодир қобилиятга эга. Унинг тили халқ нутқининг дурдоналарига бой бўлганлигидан аниқ, гоҳо сал бетакаллуфроқ ва жуда ҳам ифодали. Мени қувонтирган нарса шуки, Абдулланинг деярли ҳар бир шеъридан хоҳ узун, хоҳ қисқа бўлсин — ўзинг истаган эзгу мисрани, руҳингга таъсир қилувчи янги гапни топасан. Афсускн, буни ҳамма шоирдан ҳам топиб бўлавермайди. Омон Матжон, Гулчеҳра Нуруллаева, Ойдин Ҳожиевалар ҳам диққатни ўзига тортади. Мана Ҳалима Худойбердиева ҳам шеъриятга ажойиб сарбасталик билан кириб келди. Мутлақо бир-бирига ўхшамаган кўп ажойиб ёшларни тилга олиш мумкин эди, лекин шуни қувонч билан айтгим келадики, истеъдодга яраша ёшлик ва ҳаётни чуқур фикр этиш, образлиликка интилиш уларга хосдир.
— Сўнгги саволим: шеърларингизнинг рус тилига таржима қилинишига ва умуман тар- жима муаммосига муносабатингиз қандай?
— Менинг учун бу муаммо рус тилига, рус адабиётига муносабатимнинг ҳамма жиҳатлари билан алоқадордир. Рус адабиётига айрича муносабатим қўлимга энди қалам тутган пайтларимдаёқ бошланган. Бир сафар Ҳиндистонда мендан, икки тилда сўзлашишингиз шоирлигингизга халақит бермайдими, иккинчи тилни билишингиз она тилингизни чуқур ҳис этишингизга монелик қилмайдими, деб сўраб қолишди. Табиий, мен бу саволга, албатта, асло ва асло деб жавоб бердим.
Гап бу ерда фақат, Гёте айтганидек, бошқа тилни билмасдан туриб, ўз тилингнинг қадрига тўла ета олмаслигингда ҳам эмас. Ахир, ҳаммага маълум-ку: рус адабиёти ўзбек ёзувчиларига бош ва пешқадам устозлардан бири бўлиб келди, рус тили эса, биз учун кенг жаҳонга очилган беқиёс деразадир: русча таржималар орқали биз, бир томондан, жаҳон адабиёти билан ошна бўлиш имкониятига эга бўлдик, иккинчи томондан, ўзимизни жаҳонга танитдик… Рус адабиётини таржима қилиш борасида олиб борган ишларимиз эса — қўрқмасдан айта оламанки, беистисно ҳар биримиз учун — машаққатли, айни замонда олий ва зарур мактаб бўлди. Мен, шеърият даргоҳига эндигина кириб келган пайтимда Ҳамид Олимжон мендан: қайси рус ёзувчиларининг қайси асарларини севасиз, деб сўраган эди. Мен ўзбекча таржима қилинган асарлар борки, ҳаммасини ўқиганман, дедим, у, бу оз, жуда ҳам оз, деди. Биринчидан, деган эди у, ўзбекчага қилинган таржималар кўп эмас, энг муҳими эса, асл нусхани ўқишга киришиш керак, ана шундагина асар тилидаги бутун муаттарликни, ширадорликни ҳис этиб, бирон нарса уқиш мумкин… У менга олиб келган биринчи рус китоби — Некрасовнинг тўплами бўлди. Мен ўзимнинг рус тилини ўрганишдаги нўноқлигимни енгиб борганим ҳолда, уни тез ўқиган, шеър шаклининг ҳузур-ҳаловат бахш этувчи эркинлиги, фикрнинг соддалик ва жўшқинлик билан ифода қилиниши мени нақадар ҳайратга солгани ҳали ҳамон эсимда.
Энг муҳим ва ҳаётий воқеаларнинг ҳаммаси шеърларда жуда ҳам одмилик билан баён этилгани умуман ажабланарли эди… Бу ажабланиш, ҳайрат узоқ вақт мен бнлан қолди ва кейинчалик Некрасов шеърларини кейин «Рус аёллари»ни таржима қилиш жараёни маҳоратда анчагина баландроққа кўтариб қўйгандек бўлди. Некрасовдан кейин Пушкин, Лермонтов, Блок, Маяковский ҳамда Есенин, бошқа совет шоирлари менга суюкли бўлиб қолдилар. Аммо мен шеъриятда Некрасовга бир умрга бениҳоя қаттиқ ихлос қўйдим, уни ўйласам, илк севгининг романтик нафаси уфуриб тургандек бўлади. Рус шеърияти менга кўп наф етказди десам, бу ҳам жуда оз. Мен ўзимни рус шеърияти, рус тилисиз мутлақо тасаввур қилолмайман. Бинобарин, табиийки, менинг ўз шеърий оламим кенгроқ майдонга чиқаётганлиги, яъни шеърларим рус тилига қандай таржима қилинаётганлиги мен учун асло фарқсиз эмас. Шеърни умуман таржима қилиб бўлмайди, деган гапга маълум маънода қўшилишга тайёрман. Аммо ижодкор таржимон (фақат шундай таржимои ҳақида гап юритса арзийди) бошқа тилдаги асарни ўз тилида бошқатдан яратади. Бундай таржимон шоирнинг бутун услуб хусусияти, образларини, ўзлигини тўла сақлагани ҳолда бирон нарсанинг баҳридан ўтишга, борингки, бирон нарсани ҳатто ўзидан қўшишга ҳақлими? Сўзсиз! Йўқ, мен ўзбошимчалик ёки тўла эрк тарафдори эмасман, мен асл нусхадаги баъзи сўз, мисранинг таржимаси аслидай жарангламаса, тушунилмасагина шундай қилиш мумкинлиги ҳақида гапиряпман. Ҳар бир бадиий асар худди тирик организм каби ўзга муҳитда, ўзга иқлимда табиий, уйғун яшаши керак.
Мен кўпгина рус таржимонлари билан ишлашга мушарраф бўлдим, улар билан биз кўп жиҳатдан айнан биргаликда ишлаймиз. Бир томондан, мен уларни ҳар бир янги асарнинг ички ҳаётига олиб киришга ҳаракат қилсам, улар ўз навбатида, баъзан баъзи мисраларнинг таржимада ўз ифодасини тополмаслигига ишонтирадилар ва мен унинг баҳридан кечишларига ихтиёр бераман.
Ўз шеърларининг рус тилига таржима қилинишидан — кўп сабабларга кўра — ҳаяжонланмаётган биронта ҳам ўзбек шоири бўлмаса керак. Бироқ афсуски, ўзбек шеъриятидан чинакам ижодий тарзда қилинган таржималар исталганига нисбатан анча кам, бунга таржимонларгина эмас, шоирларнинг ўзлари ҳам айблпмасмиканлар, деб ўйлайман. Кўпинча таржимага эътибор: ўзига таржимон топиш, таржимани (иложи бўлса Москвада) бостириш ғамини ейишдангина иборат бўлиб қоляпти… Сиз билан биз гап юритган янги, ёш ижодкор авлод бунга бошқачароқ муносабатда бўлишларини, таржиманинг сифати, таржимоннинг ижоди улар ижодига яқин бўлишига аҳамият беришларини умид қиламиз. Бу йўлда уларга тилакдошман ҳам.