“Вафо” достони. Эркин Воҳидов
I
Соғинганда излаб бир нишон
Қабринг томон мен оламан йўл.
Келтирардинг менга бир замон,
Энди ҳар чоғ мен элтаман гул.
Зулфия
— Гарчи йиллар чанги ҳар нега қодир,
Мени қилолмади ёдингдан нари.
Яна ҳузурингда турибман, шоир,
Қўлимда бир қучоқ баҳор гуллари.
Ажаб, қатра ёш йўқ бу кун кўзимда,
Кўксимда йўқ зарра аламдан тугун.
Ғам эмас, шодлик бор, қара кўзимда,
Сени қутлагани келганман бугун.
Толе кулганда ҳам ҳижрон-балода
Баҳам кўриб севинч, дард-ҳасратимиз —
Қирқ йил умр кўрдик бирга дунёда,
Бу кун қирққа тўлди муҳаббатимиз.
Биз қирқ йил ёнма-ён, орзуга банда,
Фақат саодатни тараннум этдик.
Вафо деб аталган тоза гулшанда
Ўзинг орзу қилган кунларга етдик.
Мана, сен жонингдан севган Ватанинг,
Толеинг тимсоли, оламда мумтоз.
Самовий кемалар, орзуинг сенинг
Ложувард кенгликка қилдилар парвоз.
Сен бахтлар водийси атаган диёр,
Икки дарё ювган икки кокилин —
Бу кун етти иқлим махзанича бор,
Бу кун ўн беш кунлик ой каби тўлин.
Ҳулкаринг илмда довонлар ошиб,
Бу кун таҳлил қилар сенинг дафтаринг,
Йигирма биринчи асрга шошиб,
Бетиним югурар набираларинг.
Қулоғимга келар кўча-кўйлардан
Қийқириб ўйнаган болалар саси.
Булар — сен ишонган ва сен куйлаган,
Лек сен етолмаган зафар меваси.
Ғалабани қандай орзу қилардинг!
Орзуларинг энди дилингга қанот.
Сен қандай қувониб тошган бўлардинг
Енгганин кўрсайдинг ўлимни ҳаёт!
Шеър бўлиб тўларди қалбингга сенинг
Майдонлардан оққан музаффар туғлар..
Ҳали совимаган қабрингга сенинг
Зафар салютидан тўкилди чўғлар.
Тобора кетмоқда ёшлик йирокдаб,
Лаҳза ором билмас ҳануз дил сенсиз.
Ҳар баҳор келганда сени сўроқлаб,
Оламда яшабман ўттиз йил сенсиз.
Умрим бир он сендан айру бўлмади,
Сочларимга қўнди тола-тола оқ.
Йиллар сени мендан йироқ қилмади,
Йиллар иккимизни этди яқинроқ.
Мен сени ҳеч қачон йўқотганим йўқ,
Доимо ёнимда нафас оласан.
Очиқ дафтарингни қўзғотганим йўқ,
Ўйлайман, кечқурун келиб қоласан.
Тонг сени уйғотмай мен ишга бориб,
Кеч боғдан сен учун узаман гилос.
Ҳар кун уйимдасан, лек ишдан ҳориб
Нариги хонада ётибсан, холос…
Аввал сен ўқийсан янги шеър ёзсам,
Сенга айтдим севинч, ғаму андуҳим.
Мен ўзим қай маҳал қайда бўлсам ҳам
Сен билан боғларда сўзлашар руҳим.
Висолга айланди мен учун ҳижрон,
Ёдингга шунчалар ўрганиб қолдим, —
Азиз жонинг билан туташдию жон,
Балки мен ўзим ҳам сен бўлиб олдим.
Ҳассос қаламингни тутдим қўлимга,
Сен бўлиб куйладим мен жонудилдан.
Сени тирик дедим қизим, ўғлимга,
Йўқлигингни доим яширдим элдан.
Юлдузлар чиққанда ҳар кеч фалакка
Сенинг кўзларинг, деб кўкка қарайман.
Китобинг варақлаб тонггача якка
Сатрларинг билан ўзни ўрайман.
Сен ҳануз турибсан ўттиз беш ёшда,
Ўшандай ғайратли, ўшандай ўктам.
Нега энди сендан бўлайин бошқа?
Ўттизга етмаган ёшдаман мен ҳам.
Шунча узоқ бўлдинг, бас, энди етар,
Бир лаҳза мендан ол танҳолик юкин.
Бир лаҳза, шоирим, бошингни кўтар,
Сени қутлагани келганман бугун.
Ана, кўтарилди уфқдан қуёш,
Бу сенсан, шуълалар — заррин қанотинг.
Менга қутлуғ бўлсин вафо ва бардош,
Қутлуғ бўлсин сенга янги ҳаётинг.
II
Халққа айтинг,
Мен асло ўлганим йўқ…
Ҳамид Олимжон
— Мени, барҳаётсан,
Дединг, шоирам,
Ёруғ дунёдаги
Ҳаётим ўзинг.
Мен уни ногаҳон
Тарк айлаган дам
Қолдирган байтиму
Баётим ўзинг.
Айрилиқ қисматда
Бор экан, нетай,
Лекин сен бирламен,
Мени ёр десанг.
Не учун оламдан
Йўқ бўлиб кетай,
Мени ўз ёнингда
Доим бор десанг.
Ҳаётдаман,
Фақат
Жисмдан холи,
Дунёни кўксимда
Сезиб турибман.
Фазода сайр этган
Кема мисоли
Борлиқ теграсида
Кезиб юрибман.
Ҳаётимни этмиш
Мангу чароғон
Сенинг қалбингдаги
Ойдин хаёллар.
Бевафо дунёда
Яшайди инсон,
Борлиги туфайли
Сендек аёллар.
Кечди тирик умрим
Шеър билан пайванд.
Ҳайрат кўзи билан
Атрофга боқцим.
Гоҳи пастга тушдим,
Гоҳ чиқдим баланд,
Зарафшон сувидек
Ҳайқириб оқдим.
Аммо ҳаётимнинг
Пок дурдонаси,
Мен топган энг аъло
Шеърим,
Ғазалим,
Қалбимнинг энг юксак
Шодиёнаси
Сен бўлдинг,
Фариштам,
Доно гўзалим!
Ёдингдами, бизлар
Илк кўришган чоғ?
Борлиқ кўнглимиздай
Мунаввар эди.
У олам,
У осмон,
У яшнаган боғ
Гўё бахтимга тенг
Муяссар эди.
Кун-кун эмас эди,
Шеър баҳси аро
Қўшалоқ шам каби
Ёнмасак агар, —
Кўзларингдай қора
Кечалардан то
Юзларингдай ёруғ
Субҳидам қадар.
Сўнг…
Бир кун ёнингга
Шошиб келардим,
Фурсат тўхтаб қолди
Йўлда ногаҳон.
Интилиб,
Интилиб
Етолмай,
Дардим —
Дилга оқди, гўё
Бир пиёла қон.
Сўнг…
Сен нола қилдинг
Сочингни ёйиб,
Фируза томчилар
Оқди юзимга.
Кейин…
Ҳамма нарса
Бўлдию ғойиб,
Сингиб қолди фақат
Чеҳранг кўзимга.
Шоирам!
Сен боис
Ҳаётда қолдим!
Жоним кипригингда
Тутдию макон,
Кўзингда кўзларим,
Қалбингда қалбим,
Вужудингда ўзим .
Бўлдим намоён.
Менинг ҳам созимдир
Қўлингдаги соз,
Менинг ҳам изим бор
Ўтган йўлингда.
Қўшиқларим қилди
Оламга парвоз,
Даставвал жаранглаб
Сенинг тилингда.
Шундан икки илҳом
Ёр бўлди сенга,
Қалбингда сўйлади
Ҳамоҳанг диллар.
Шу боис Дилрабо
Нозик шеърингга
Қуйилди
Жанговар,
Ёниқ сатрлар.
Ҳассос шеър таралди
Коинот бўйлаб,
Унда нолаю бонг,
Эрк оҳанги жам.
Ўтли қалбдан чиққан
Қўшиғинг тинглаб,
Ўзбек овозини
Таниди олам.
Шоирам!
Машъалинг
Кўтаргин баланд,
Минглаб оналарнинг
Юраги сенда.
Бир умр ёрининг
Ёдига пайванд
Мунис келинчаклар
Тилаги сенда.
Сен ўтган йўлларда Чечаклар қолсин,
Сен кирган хоналар Бўлсин чароғон.
Кўзларингда қуёш Шуълалар олсин,
Юлдузларин сочсин Бошингдан осмон.
Торинг минг булбулдай
Тошиб сайрасин,
Ғаму ҳасратларни
Айлагин барбод.
Сен шундай яйраки,
Олам яйрасин,
Агар менинг руҳим
Бўлсин десанг шод.
Баланд уч,
Олис уч
Шеърий самода,
Мен учун ҳам яша,
Куйла, шоирам!
Ўзинг айтганингдек,
Ёруғ дунёда
Сен ҳаёт экансан —
Ҳаётман мен ҳам!