Тоғ ортига ўтиб кетди кун,
Секин чўкди тоза, салқин тун…
Мен дераза очганим чорбоғ,
Сокин ухлар тун кўрпасида.
Майин қўшиқ ёйилар ҳар ён,
Эсиб ўтган ел шарпасида.
Сув оқади аллалаб тунни,
Ҳамма ухлар, уйда мен уйғоқ,
Парча қоғоз, кичик бир қалам,
Бошим узра порлайди чироқ.
Тунда қанча хаёл, қанча куй,
Мен берилиб қулоқ соламан.
Сўз тополмай ифодасига,
Ранг ахтариб шошиб қоламан.
Соф ел эсар… Парвона учар,
Чироқ атрофида ўргилиб,
Ўзин уриб парт бўлади-ю,
Столимга тушади келиб.
Мен ёзаман, юлдузлар ўтар,
Ҳар бириси сўйлар бир эртак.
Мана, Ҳулкар қаршимда чақнар,
Ёрқин тонгдан келтириб дарак.
Тун ўтади, яна чорбоғдан
Кўтарилар саҳарга туман.
Мен-чи, аста чироқ сўндириб,
Отаётган тонгни кутаман.
Кўзларимда аста эриб тун,
Ёйилмоқда ёрқин жувон кун…
1944