Соғинганда

Қанча бўлди кўрмаганимга,

Эй қалбимнинг дилбари, шоир!

Қанча бўлди бирга ўлтириб

Сўзлашмадик дилларга доир.

 

Дил-чи, дилим унутиб бўлмас

Ишқ қўшиғи ёзилган китоб.

Хаёл хиёл чертиб ўтдими –

Топиб бер деб қилади хитоб.

 

Иккимизга маълум бир қудрат

Йиллар ўта сенга тортади.

Унутайин дейману, фақат

Дилда унинг ўти ортади.

 

Ҳам табиат, ҳам дўст, ҳам рақиб,

Барчасини қолдириб доғда,

Кўришсак-у, яна тирилса

Ўша ўлган бўса дудоғда.

 

Юрагимнинг шоҳи деб сени,

Майли, бу гал ўзим тиз чўксам.

Ҳузурингда бахтдан тебраниб,

Ишқ ва соғинч ёшини тўксам.

 

1950


Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.