Сенсиз

Мана бир умрни яшадим сенсиз,

Қайтмас шодликларнинг қайтишин кутиб.

Тобутинг бошида чўкканимда тиз,

Фарзандлар кўтарди қўлимдан тутиб.

 

Шундан бери тикман. Ҳар нега қалқон,

Бахтга, баҳорга ҳам, қишга, қайғуга,

Биров азасида йиғлайман қон-қон,

Тўйида яйрайман ўхшаб оҳуга.

 

Лекин қолганимда қалбим-ла танҳо,

Туйғулар зорига солганда қулоқ,

Ўзни заиф, чанқоқ сезганда гоҳо,

Аламдан бераман жавобсиз сўроқ:

Тирик экан нега ташлаб кетмадинг?

 

Мендан нафисроқнинг ҳуснига ошиқ,

Мендан ёниқроғи тортмади сани,

Эди нигоҳингга бор жаннат очиқ.

Сени мажнун этиб бир ер гўзали

 

Нега, мени ташлаб кетавермадинг?

 

Тирик айрилишнинг доғи оғирмиш,

Хўрлик кемирармиш умрни чайнаб!

Бу – мудҳиш эговга берардим туриш,

Кетсанг ҳам менга жон туйғунгдан айнаб,

 

Билардим, қайдадир оласан нафас,

Мураккаб бу дунё сен-чун ҳам тирик.

Сенга ёт – ношудлик, тунд руҳлик, қафас,

Бугунги қадаминг кечадан йирик,

 

Нега, нега мени ташлаб кетмадинг?

 

Биламан, рашк мени этарди ҳалок,

Афзал кўрганингни қарғаб ўтардим,

Изингдан юрмасдим соядай ғамнок,

Лекин ишқ ҳаққи-ла мағрур кутардим.

 

Ҳаётда мен учун қолардинг тирик,

Қаламинг муждасин кутардим муштоқ…

 

Маъюс тақдирингга яшаб мен шерик,

Мушкул бўлаётир шодлик яратмоқ.

 

Нега тирик экан ташлаб кетмадинг,

Ташлаб кетмасанг-да, бошлаб кетмадинг?!

1970


Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.