Ҳаёт сурури

      Яна бир Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Чаман Жонузоқованинг “Ҳаёт сурури” номли шеърий тўплами Ғофур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида нашрдан чиқди. Тўпламда жам бўлган шеърларда Ватанга, ота-онага муҳаббат туйғулари мужассам. Зулфия номидаги Давлат мукофотига адабиёт йўналишида лойиқ топилган Чаманнинг ушбу тўпламга киритилган ижод намуналари сизга ҳам манзур бўлади деган умиддамиз. Қуйида тўпламга киритилган ижод намуналари билан танишасиз.

Ақл ва шеър

Мени ёзганларим учун койишди,

Йўқ-йўқ, ёмон ёздинг дейишгани йўқ.

Ҳатто ўша доно маслаҳатгўйнинг

Қанақа ёзишим билан иши йўқ.

Шунчаки, ёзганим учун айбдорман,

Шунчаки, шоирлик – ғариблик унга.

Гўёки менда жам ҳамма ёлғонлар,

Барча ҳақиқату холислик унда.

Ҳа, бу ўша мағрур, басавлат ақл,

Осон эмас унинг измида юриш.

Унга қолса, тизиб туйғуларимни

Қоғозга битиш ҳам хўп ғалати иш.

***

Ҳикоят

Эмишки, бир ғариб дилида борин

Шоҳга баён этди ўйлаб, ниҳоят.

Шоҳ эса ғарибни этибди қатл,

Фожиали якун топмиш ҳикоят.

Аслида-чи, фикрин этолмай аён,

Тили сабаб бўлган эди қатлга.

Усмон Носир айтган ёниқ юракни

Таржима қилолмай ўтиш фожиа.

2 fikr

  • Ассалому алайкум сайд ижодкорлари, салом Ситорахон. Барчангизни уйғониш фасли, нафосат ва гўзаллик рамзи бўлган фасли баҳор айёми ҳамда улуғ шоирамиз, миллатимиз фахру-ифтихори бўлган Зулфияхонимнинг таваллуд айёмлари билан муборакбод этаман. Опа бир замонлар яъни бундан қарийб 38 йил аввал ёзганларидек, мана бугун юртимизда ажойиб давр ва фаровон хаётда, замонамизнинг рухи бой ва бахтиёр кишилари у кишининг ўлмас асарлари, хар бир юракни ларзага солувчи, унинг ўз қалб изтиробларидек янгровчи шеърларини катта хурсандчилик билан ўқимоқдалар, Опани эслаб, ёд этиб, турли тадбирлар, мушоиралар, давра суҳбатлари ўтказмоқдалар. Бу анжуманларда иштирок этаётган Инсонларнинг кўзига боқиб, унда акс этаётган қувонч, бугунги кундан шукроналикни кўриб, хар бир Инсонннинг қалби ғурурга тшлади ва беихтиёр ижод қилгиси ёки айнан шу ўлмас ижод намуналаридан мутолаа қилгиси келаверади. Шундай бахтли замонга етганимизга шукроналар айтамиз. Илоҳим Зулфияхонимнинг ҳам руҳлари шод бўлиб, у кишининг зурриёдларига Оллоҳ бунданда зиёда бахтни ато айласин. Барча юртдошларимизга ушбу сана муборак бўлсин. Юртимизда мана шундай Инсонлар, ижодкорлар, Зулфияхоним издошлари бўлган хақиқий ўзбек аёли ва дилбар қизлари кўпаяверсин.

  • Sitora Toshmatova :

    Assalomu alaykum, hurmatli Azamat Kamolov! Bayram tabrigi, saytimiz haqidagi samimiy fikrlar hamda go’zal tilaklar uchun tashakkur!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.