Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ шоираси Зулфиянинг ҳайкалини ўрнатиш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 9-сон, 460-модда)

Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия (Зулфия Исроилова)нинг миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига қўшган улкан ҳиссасини, унинг бетакрор ижодий мероси ва ибратли ижтимоий фаолиятининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги катта ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб:

  1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият тарғибот марказининг Ватанимиз пойтахти — Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия хотирасига ҳайкал ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
  2. Ўзбекистон Бадиий академияси бир ой муддатда тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда Зулфия ҳайкалини яратиш бўйича ижодий танлов эълон қилсин ва уни белгиланган тартибда ўтказсин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳайкални яратиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобларга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан қопланишини таъминласин.
  4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р. Қосимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2007 йил 13 сентябрь,

ПҚ-692-сон

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.