Зулфия -вафо ва ҳаё тимсоли

Ишқ порлоқ юлдуздир,

Башарият кўзининг нуру  зиёси   шундан.

Ишқ товланиб турувчи гавҳардир-

инсоният тожининг зийнати ва баҳоси шундан.

Алишер Навоий

Садоқат  ҳар бир  аёл  ва  ҳар бир  эркак  учун муқаддас фазилат ҳисобланади. Бу туйғуни ўзида мужассам эта олган шахс ўзи бахтли бўлибгина қолмай, ўзгани ҳам бахтли қилишга қодир. Зеро, мутафаккир Алишер Навоий айтадиларки, вафо шундай бир покиза матлубаки, у табиати ва кўнгли пок бўлмаган кимсага яқинлашмайди. Вафо шундай асл гавҳарки, у инсоният тожига зийнатдир. У вафо ва ҳаёни эгизак ҳолда кўради. Ҳар бир юракда вафо бўлса, у ерда ҳаё ҳам бўлади.

Зулфия ана шундай фазилатга эга бўлган  шахслар қаторидан жой олиб, улуғ бир ном, меҳрибон она, вафоли ёр, қолаверса, ҳалқимиз ардоғига тушган,  вафо ва садоқат куйчисидир.

“Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман!” деб ифтихор этган шоиранинг ижоди, фаолияти, ҳаётидаги мураккаб синовларини юксак инсоний фазилатларга садоқат билан мардона енгиб ўтган умр йўли ибратлидир.  Зулфияхоним табиати баҳор осмони каби тиниқ, у кибр, манманликни ўзига муносиб кўрмасди.

“Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни?

Ўрик гулларининг эдинг мафтуни…” — дея куйлаган шоира шеърияти баҳор нафаси ила йўғрилганлиги, муҳаббат, садоқат, беғуборликни тараннум этганлигини яққол кўришимиз мумкин.

У ўзининг келажак авлод учун қолдирган шеьрий мероси билан катта шуҳрат қозонди. Аёлларимиз, қизларимиз учун ўрнак бўлишга тўла ҳақли бу шоира, бир қатор шеьрларида ўзининг юрак дардларини ва ўгитларини аямади.

Унинг адабиёт гулшанига қадам қўйишида турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон  туртки бўлганлигини ўзининг ҳотираларида келтиради: “Ҳамид Олимжон шунга ишлар орасида менга ҳам астойдил ёрдам берар эди. Ёшман, баьзан менга сонсиз китоблар, қоғозлар ичида кўмилиб ўтириш ёқимли туюлмасди. Бундай пайтларда у мени илҳомлантириш йўлларини топарди. Эсимда, бир гал Самарқанд сафаридан ўзи билан Раъно Узоқованинг шеърларини олиб келди. Таъсирчан жойларини ўша кечадаёқ ўқиб берди, сўнг: кўряпсизми, аёлларимиз қандай ёза олади? Фақат жасорат, ирода керак, — деди-да, секингина қўшиб қўйди. –Биласизми сиз яхшироқ ёза оласиз!”, бу суҳбат менга катта туртки бўлди”.[2]

Зулфия Ҳамид Олимжон таьсирида ўзбек, жаҳон ва рус мумтоз шоирларининг шеърларини мутолаа қилди. Уни, хусусан, Пушкин, Тютчев, Фетнинг мусиқий равон мисралари ром этди. Пушкин шеърларининг ўндан ортиқ таржимаси шулар жумласидандир[3].  Зулфия халқимизни, адабиётимизни, маданиятимизни ўз даражасига муносиб қилиб доим шарафлар эди.

Ҳамид Олимжон Зулфиянинг ижодий ҳаётида муҳим ўрин тутибгина қолмай, ҳаёт йўлида ҳам унга суянчиқ бўлди. Ҳамид Олимжон ва Зулфия муҳаббати ҳудди янги гуллаган бодом гулидек чиройли ва хушбўй эди. Ҳамид Олимжон ҳаётлигида ўз ёрига атаб энг латиф шеьрлар бағишлади:

 

Хаёлимда бўлдинг узун кун, сени излаб қирғоққа бордим.

Оч тўлқинлар пишқирган тунда, топиб бер деб ойга ёлвордим.

 

Ишон бунга сени доимо, эсга солар чиройли тунлар.

Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар, эсга солур бахтиёр кунлар.

Толеимнинг ошиёни сен, сен севгимнинг кўкарган боғи.

Сенинг билан бирга иқболим, ишончимнинг сен вафо тоғи.

 

Зулфия ҳам Ҳамид Олимжоннинг бу эьтиборига жавобан ҳароратли мисралар битган:

 

Кел, куйсиз юракка, қўшиқ бағишлаб,

Кулгисиз лабларга  ўргат табассум.

Бахтинг соч,  дард бўлса тишингга тишлаб,

Енга олсанг енгу, бўлма ҳеч таслим.

 

Зулфиянинг ҳар бир мисраларида унинг оташин ва садоқатли севгиси, умид ва орзулари акс этганини яққол кўришимиз мумкин: “Қани мени келганда кулиб қаршилаб, қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан? “Бахтим борми дея”, яккаш сўроқлаб, мени шеьрга ўраб суқланиб боққан?”…  Кўриниб турибдики, Зулфия шеърларидан оқаётган тўла меҳр ва соғинч инсон қалбини жунбушга келтирмай иложи йўқ. Зулфия шеърларини ўқиган инсон ўзининг ёшлик чоғларини эсга солмай қолмайди, шеьрлардаги беғуборлик китобхонга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Мамлакатимизда Зулфия ҳаёти ва ижоди чуқур ўрганилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори шоирага бўлган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Зулфия Ҳамид Олимжон вафотидан сўнг, ҳижронларни енга олди, шодликка қараб яна олға интилди. У баҳорни, покликни, ҳалолликни, садоқатни севди.

Зулфиянинг Ҳамид Олимжонга бўлган садоқати ҳар кимга ўрнак бўлса арзигулик. Зулфияхонимнинг хотираларини ўқиган ҳар бир киши, унинг буюк сабру матонатига  тасонналар айтади. “Қанчалар эъзозлар эди у мени, мен қанчалар ардоқлардим, борлигидан қанчалар севинардим, қанчалар суянардим унга… Ихтиёримда бўлса, шамолни ҳам раво кўрмасдимку, кўйлагини ювсам, дорга ёлғиз илиб қўйгим келмасди, худди якка ўзи қолаётгандек ташвишланардим. Мен ёзган барча шеърларимни Ҳамидимни ақалли бир кунгина бўлсада, тирик кўришга алмашардим”[4].

 

Зулфияга хос бундай ҳаё ва вафо барча кишига ҳамроҳ бўлсин. Мен Зулфияхоним таваллудига аталган кичкинагина баёнимни шоиранинг шеърлари билан якунламоқчиман:

 

Салқин саҳарларда, бодом гулида,

Бинафша лабида, ерларда баҳор.

Қушларнинг парвози, елларнинг нози,

Бахмал водийларда, қирларда баҳор…

 

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,

Сени излаб юрди, кезди сарсари.

Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,

У ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Навбаҳор Нурмуҳамедова, Тошкент ислом университети, диншунослик факультетининг 4-босқич талабаси

1 dona sharh

  • Saidafzal :

    Ushbu maqola bo’yicha berilgan taklifni qabul qilganingiz uchun tashakkur! Sayt ijodkorlariga muvaffaqiyatlar hamroh bo’lsin!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.